"Ўзбекистонда бу йили Наврўз байрамини ўтказиш тартиби аввалги йиллардагидан фарқли бўлиши кутилмоқда", деб хабар берди 8 февраль куни kun.uz нашри.
Хабарда айтилишича, Алишер Навоий номидаги миллий боғда тантанали тадбир уюштирилмайди, байрам куни Тошкент шаҳридаги йўллар ёпилмайди. Шаҳардаги барча хиёбонлар ва бошқа истироҳат боғлари шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари учун очиқ бўлади.
Бироқ Маданият ва спорт ишлари вазирлиги давлат раҳбарининг бундай фармони йўқлигини билдирган ва Наврўз халқ сайли сифатида нишонланиши тўғрисидаги хабарни расман тасдиқламаган, рад ҳам қилмаган..
Январда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида сўзлаган нутқида Мирзиёев бу йил Наврўз қандай нишонланишини айтганди:
«Биз бу йил Наврўзни халқ сайли қиламиз. Ана шуни ҳамма билсин. Биз ҳозирдан тайёргарлик қилайлик. Бу йил одамлар билан мулоқот йили деб эълон қилдик. Наврўз — сайл бу. Шунинг учун мана ҳамма район ҳокимлари эшитсин — далаларда, боғларда сайл бўлади. Тошкенда ҳам мана шу 11та районимизда боғлар қуряпмиз. Биз топшириқ бердик, сайлда қатнашамиз ҳаммамиз. Одамлар эмин-эркин хоҳлаган боғига борсин, мазза қилсин», — деган эди президент.