Бугун Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат академик ўзбек мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси Андижон вилоятининг "Дўстлик” чегара постида Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Ф.Жўраев бошчилигидаги ўзбекистонлик санъат ва маданият номаяндалари томонидан кутиб олинди.
Бу ҳақда хабар қилган Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизматига кўра, Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикасининг чегара олди ҳудудлари ўртасидаги икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш, аҳоли, айниқса ёшларни Қирғизистон театр санъатининг намуналаридан баҳраманд этиш ҳамда ижодий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган ижодий ташриф 17 февралгача давом этади.
Ижодий сафар давомида Бобур номидаги ўзбек мусиқали драма театрининг "Айкол Манас” спектакли жорий йилнинг 10-12 феврал кунлари Андижон вилояти мусиқали драма театрида, 13-14 феврал кунлари Наманган вилояти мусиқали драма театрида ҳамда Фарғона вилояти театр-концерт саройида 15-17 феврал кунлари ўтказилади.
Гастрол сафари давомида театрларда қиргиз ҳамда ўзбек санъати номаяндалари ўртасида ижодий учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этилади.