Ўзбекистон мактабларида ҳар пайшанба куни милиционерлар профилактика ўтказади

Ўзбек милиционери.

Ўзбекистонда ҳар пайшанба куни йўл хавфсизлиги инспекторлари мактабларда, лицей ва коллежларда, олийгоҳларда йўл хавфсизлиги қоидалари ҳамда ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш масаласида учрашувлар ўтказади.

Ички ишлар вазирлигига кўра, бундай қарор ўтган йили балоғатга етмаганлар томонидан 1444та йўл-транспорт ходисаси содир этилгани ортидан қабул қилинган.

Мазкур тадбирларга ота-оналар, “Камолот” ёшлар ҳаракати фаоллари, дин пешволари жалб қилиниши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 9 февраль куни ўтган селектор йиғилишида ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига ҳар пайшанба куни телевидение орқали чиқиш қилиб, халққа ҳисобот бериш тўғрисида кўрсатма берган эди.

Ўша йиғилишда президент Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика ишлари суст олиб борилаётганини танқид қилган.