Ўзбекистонда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва “Ўзбекрақс” миллий рақс бирлашмаси бирлаштирилиб, уларнинг ўрнига “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ташкил қилинди.
Мазкур муассаса президентнинг “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузурида тузилди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 февралда Маданият ва спорт ишлари вазирлигини иккига ажратиб, уни негизида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасини ташкил этган эди.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги 2004 йилнинг сентябридан буён Маданият ишлари вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси негизида фаолият юритиб келаётганди.