22 февраль куни дунё бўйича тутқинликда энг узоқ сақланган журналист Муҳаммад Бекжон озодликка чиқди.
Cиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон Зарафшон қамоқхонасидан озод қилинди.
Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор, деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.
Маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва тергов пайтида қийноққа солинганини билдирган.
2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга уйдирма айблар қўйилиб жазо муддати 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди, бу муддат 2017 йилнинг февралида, яъни икки ойдан сўнг тугаши керак эди.
Тошкентдаги АҚШ элчихонаси 63 яшар журналистнинг 18 йилдан сўнг озодликка чиққанини олқишлади.
Муҳаммад Бекжоннинг АҚШда яшовчи қизи Ойгул Бекжон отасининг қамоқдан озод этилгани ҳақда Facebook саҳифасида: "У ҳеч нарса учун умрининг 18 йилини йўқотди. Ҳа у озод бўлди... лекин кўп нарсани йўқотди!!!. Мен у ўз ҳаётини қайта тиклаши учун дуо қиламан!", деб ёзди.
Муҳаммад Бекжоннинг яна бир қизи Инна Facebook саҳифасида отасининг овозини бугун биринчи марта эшитгани ҳақда ёзди.
Муҳаммад Бекжон "Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг укаси ва "Эрк" газетасининг собиқ бош муҳаррири бўлгани учун узоқ йиллардан бери қамоқда қолгани таъкидлаб келинади.
Муҳаммад Бекжон бу ҳақда нима деб ўйлайди?
Қамоқхона дарвозалари очилиб, озодликка чиқаркан у қандай ҳиссиётларни бошдан кечирди?
Бу ҳақда Озодлик журналистнинг ўзи билан суҳбатлашди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди