Тошкентнинг Чилонзор туманида 23 февраль куни юз берган ёнғинда 16 одам жароҳатланиб, касалхонага ётқизилди.
Тошкент Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг билдиришича, Чилонзор массивидаги Чўпонота кўчасидаги 28 уй ёнаётгани тўғрисида 16дан 36 дақиқа ўтганда хабар келган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига ўн дақиқа ичида етиб борган.
Кўп қаватли бинонинг уч қаватини ёнғин қоплагани сабабли ўт ўчиришга 18 та ёнғин ўчирувчи машина келган. Ўт ўчирувчилар ёнғинни 2 соатда бартараф қилишга эришган.
Ўт ўчирувчилар ёнғинда қолган бинодан 70 одамни қутқарган. Улардан 14 нафари Республика тез ёрдам марказига, икки нафари эса травмотология касалхонасига жўнатилган.
Хабарда айтилишича, ёнғин содир бўлган бинонинг биринчи уч қавати кийим –кечак тикувчи Hamza Collection ширкатига, 4-қават “ДИ-Ихлос” МЧЖга, 5-қават “Ўрмон хўжалиги лойиҳа” институтига қарашли бўлган.
Ёнғин сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.