"Ўзсаноатқурилишбанк" Қашқадарё вилоятида йилига 3 миллион дона тухум, 2 миллион дона курка жўжаси етиштиришга қаратилган 29 ярим миллиард сўмлик лойҳани молиялаштиришини маълум қилди.
Банк матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, вилоятдаги "Мароканд парранда" масъулияти чекланган жамиятига тухум ва жўжа етишириши учун Франция, Германия, Бельгиядан ускуналар келтирилади, корхонада 120 янги иш ўрни очилади.
Расмий хабарда айтилишича, етиштирилган курка жўжалари Қамаши туманидаги 10 мингдан ортиқ хонадонга даромадини ошириш мақсадида 50 донадан тақсимланади.
Президент Шавкат Мирзиёев январь ойида Қорақалпоғистонга сафари чоғидаги чиқишида кичик тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тавсиялар берган, хусусан, кам таъминланган оилаларда товуқ боқишни йўлга қўйиш зарурлигини айтган эди. Шундан буён Ўзбекистон расмий матбуотида у ёки бу вилоятда паррандачилик, тухум ва жўжа етиштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани бот-бот хабар қилинмоқда.