Туркия Германияни танқид қилди

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон Германиянинг учта шаҳрида турк вазирларининг сайловолди нутқларини сўзлаши тақиқланиши ортидан Берлинни национал-социализмда айблади.

5 март куни Истанбулда сўзлаган нутқида Эрдўғон “Сизнинг методларингиз нацистлар методларидан сира қолишмайди”, деб айтди.

Турк вазирлари Туркияда ўтадиган сайлов арафасида Эрдўғон Германияда яшаётган 1,5 миллион турк ватандоши овозига эга бўлиши учун ҳаракат қилаётган эди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Германиянингг бу ҳаракатини шархлар экан:

"Германия позицияси демократия, фикр эркинлиги ёки йиғилишлар ўтказиш эркинлигига қарши бўлаяпти. Мана шу қадриятларни қўллаган ҳолда бошқа кўплаб давлатлар ички ишларига аралашаётган давлатнинг ўзи бу қадриятларга қаршилик қилмоқда", деб билдирди.

Германиянинг Кельн, Гаггенау ва Фрехен шаҳарлари ҳокимияти ўз ҳудудида Туркия вазирларининг сайловолди тарғиботларини олиб боришини тақиқлаган.

Хабарларга қараганда, Мавлуд Чавушўғли 7 март куни Германияга сафар қилади ва Гамбургда Германия ташқи ишлар вазири Зигмар Габриэл билан учрашади.