Тошкентда 6 март куни яна бир катта ёнғин юз берди.
Podrobno.uz нашрининг душанба куни хабар беришича, бу сафар ёнғин “Талабалар шаҳарчаси”даги Фаробий ва Чиғатой кўчалари кесишган жойда сағломлаштириш тиббиёт маркази сифатида қурилаётган бинодан чиққан.
Воқеа гувоҳларига кўра, ёнғинни ўчиришга иккита ўт ўчириш машинаси келган ва улар тез орада ўтни ўчирган.
Ёнғин қурилишни тезроқ битказиш мақсадида қурувчилар техника хавфсизлигига риоя қилмагани ортидан келиб чиққани айтилмоқда.
Озодлик радиосига маълум бўлишича, сўнгги бир ой ичида Тошкентда камида бешта катта ёнғин юз берди.
Жумладан, 7 февраль куни “Манас” ресторани, 8 февралда Жомий қурилиш бозори, 23 февраль куни Чилонзор туманидаги кўп қаватли бино, 27 февраль куни Амир Темур кўчасидаги 12 қаватли бизнес маркази ёнган эди.
27 февраль куни Чилонзордаги кўп қаватли биноиннг уч қавати ёниб кетиши ортидан 14 одам жароҳатланиб, касалхонага ётқизилган. Ўт ўчирувчилар бинода ишлаётган 70 одамни қутқаришга муваффақ бўлган эди.