Шаҳрихонда чақалоғини 18 миллион сўмга сотмоқчи бўлган аёл қўлга олинди

Божхона ходимлари ўз қиз чақалоғини 18 миллион сўмга сотмоқчи бўлган Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи аёлни қўлга олди.

Sputnik нашрининг душанба куни хабар беришича, мазкур воқеа 27 февраль куни содир бўлган. Шаҳрихонлик аёл чақалоғини 20 миллион сўмга қўшни давлат ватандошига сотмоқчи экани аниқланганидан сўнг, унинг олдига харидор қиёфасида божхона хизмати ходими жўнатилган.

Хабарда айтилишича, учрашув пайтида томонлар чақалоқнинг нархини 18 миллион сўм қилиб белгилаганлар. Харидор қиёфасидаги божхоначи аёлга дастлаб 9 миллион сўм, пулнинг қолган қисмини эса чақалоқнинг ҳужжатлари тайёр бўлганидан сўнг беришга келишган. Ҳужжатлар қўшни давлатда расмийлаштирилиши шарт қилиб кўрсатилган.

Аёл соҳта харидордан 9 миллион сўмни олаётган пайтда қўлга туширилган. Аёлга нисбатан жиноят иши очилгани, чақалоқ эса болалар уйига жойлаштирилгани хабар қилинди.