Reuters агентлигининг хабар қилишича¸ Европа тикланиш ва тараққиëт банкининг 8 март кунга белгиланган директорлар кенгаши мажлисида Ўзбекистон билан расмий ҳамкорликни қайта тиклаш истиқболи муҳокама қилинади.
Бу ҳақда агентликка ЕТТБдаги расмий манба маълум қилган.
Reuters манбаси¸ ЕТТБнинг Ўзбекистонга қайтиши Шавкат Мирзиëев етакчилигидаги ислоҳотчиларни ялпи миллий маҳсулоти ҳажми 70 миллиард доллар чамаланадиган Ўзбекистон иқтисодини модернизация қилишга рағбатлантиришини таъкидлаган.
Агентлик хабарида қайд этилишича¸ бу борадаги илк қадамни Ўзбекистон ҳукумати қўйган ва банкни мамлакат билан ҳамкорликни тиклашга чақирган.
8 март куни директорлар кенгаши Ўзбекистонга қайтиш қарорини олса¸ у ҳолда яқин келажакда банк президенти Сума Чакрабортининг Тошкентга сафари қилиши кун тартибига киритилади.
Февраль ойи бошида ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича ижроия директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги банк етакчи мутахассисларидан иборат 10 кишилик делегация Тошкентда беш кун давомида Бош вазир, Ташқи ишлар вазири ва бошқа вазирлар билан мулоқотлар ўтказган эди.
1991 йилда Марказий Европа ва Марказий Осиëнинг 34 давлатидаги бозор иқтисоди ва демократик бошқарувга ўтиш жараëнларини қўллаш мақсадида ташкил топган ЕТТБ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги келишмовчилик ортидан 2007 йили Тошкент билан ҳамкорликни тўхтатишга мажбур бўлган эди.