Косово ўз армиясини ташкилд этиш фикридан воз кечмайди

Косово раҳбари Хошим Тачи.

Косово президенти Хошим Тачи 8 март куни Озодлик радиосига енгил қуролланган хавсизлик кучларини Миллий Қуролли Кучларга айлантириш қароридан воз кечилмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ Косовонинг ўз армиясини ташкил этиш қарори НАТО ва АҚШ хавотирига сабаб бўлган эди. Косово армияси ташкил этилишига Косово серблари ва Сербия ҳам қарши чиқмоқда.

Бунга жавобан Хошим Тачи:

- Бу бир томонлама қабул қилинган қарор эмас ва кимдир бу қадам Сербия билан келишилиши лозим, деб ҳисобласа билсинки, ҳеч қачон бундай бўлмайди. Белград Косово учун қарор чиқара олмайди. Косовонинг ўз институтлари бор, Косово суверен ва мустақил давлат, - деб билдирди.

НАТО Косово армия ташкил этиш қароридан воз кечмаса, бу давлат билан ҳамкорликни чеклашини билдирди.

Сербиянинг собиқ ҳудуди ҳисобланган Косово 1998-1999 йиллардаги Болқон уришидан сўнг Сербиядан ажралган ва 2008 йилда ўз мустақиллигини эълон қилган эди.