"Ўзбекистонда ижобий силжишлар сезилмоқда, бироқ мамлакат бошқаруви бугунги кунда ҳам авторитар бўлиб қолмоқда". АҚШ Давлат департаментининг деярли 200 давлатдаги инсон ҳуқуқларига оид 2016 йил учун эълон қилинган ҳисоботида мана шундай мужда берилди. Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар, қийноқлар ва сўз эркинлиги вазияти мураккаблигича қолмоқда.
Президентлик сайлови аввалгиларидан бир оз фарқланди
АҚШ Давлат департаментининг жаҳондаги инсон ҳуқуқларига бағишланган 2016 йил учун чиқарган ҳисоботининг Ўзбекистонга оид қисмида, президент Исломи Каримов вафотидан сўнг Тошкент расмийлари ҳуқуқ-тартибот тузилмалари устидан назоратни сақлаб қолишга муваффақ бўлганлари, лекин махсус хизматлар фуқаровий струтураларга сизиб киргани айтилади. Ҳисоботда айтилишича, бунинг ортидан “фуқаровий ҳокимиятнинг фаолият соҳалари ҳамда таъсирини аниқлаш”да мураккабликлар юзага келган.
Давлат департаменти таҳлилчилари “Ўзбекистонда янги президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан ижобий ўзгаришлар сезилаётгани”, бироқ “Ўзбекистон бугунги кунда ҳам авторитар бошқарувда қолаётгани ва ижро ҳокимияти ҳокимиятнинг бошқа барча бутоқларини ўз назоратида сақлаб қолаётгани”ни таъкидлаган.
Давлат департаменти ҳисоботида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига иқтибосан билдирилишича: “сайловларни шаффофлаштиришга, имкониятлари чекланган сайловчиларга хизмат кўрсатишни яхшилашга уриниш бўлгани, 600 нафар халқаро кузатувчига сайлволарни ҳеч қандай тўсиқларсиз кузатишга имконият яратилгани” ижобий ҳодиса бўлган.
Ўзбекистонда 2016 йилнинг 4 декабрида президентлик сайловлари бўлиб ўтган эди. Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг бўлиб ўтган мазкур сайловда узоқ йиллардан бери биринчи марта Еваропада хафсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг тўлақонли миссияси иштирок этди.
Айни пайтда сайловда чинаккам сиёсий рақобатнинг таъминланмагани, сўз эркинлиги чекланиши ортидан ўзгача фикрларга ўрин берилмагани ҳам қайд этилди.
Айрим сиёсий маҳбуслар озод этилди
Ҳисоботда 2016 йилда Мирзиёев президентликка сайланганидан сўнг Бобомурод Раззоқов, Самандар Қўқонов каби сиёсий маҳбуслар қамоқдан чиқарилгани олқишланади. Шу билан бир қаторда яна ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг қамоқда қолаётгани айтилади.
Ҳисобот 2016 йил учун ёйинлангани муносабати билан, унда 2017 йил 22 февраль куни 18 йил қамоқда ётган сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг озод этилгани акс этмаган.
Ҳисоботда соҳта айбловлар билан қамалган ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати узайтирилгани, Аъзам Фармонов ва бошқа кўплаб сиёсий маҳсубслар ўта оғир шароитларда сақланаётгани танқид қилинади.
Шунингдек, Елена Урлаева каби қатор ҳуқуқ фаолларига нисбатан жазо чораси сифатида уларни руҳий касалликлар шифохонасида сақлаш амалиёти мавжудлиги қайд этилган.
Ўзбекистонда ватандошлиги йўқ бўлган минглаб одамлар яшамоқда
Давлат департаменти ҳисоботида Ўзбекистонда 2016 йилда ҳам ватандошлиги бўлмаган одамлар мавзуси кўтарилган.
Ҳисоботда белгиланишича, биргина Хоразм ва Қорақалпоғистонда бугунги кунда уч мингдан ортиқ ватандошлиги бўлмаган шахс яшамоқда. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида яшаётган ватандошлиги йўқ шахслар сони эса номаълум бўлиб қолмоқда. Бироқ уларнинг сони бир неча ўн минг кишини ташкил этиши мумкин.
Президент Мирзиёев бу муаммони ҳал этишга уринаётгани ҳам сезилмоқда. Жумладан, Мирзиёев ўтган йилнингг декабрида 170 одамни, жорий йил 22 февралида эса 94 одамни Ўзбекистон ватандошлигига қабул қилиш тўғрисидаги фармонларни имзолаган.
Бу сўнгги 25 йил ичида ватандошлиги бўлмаган шахсларни ватандошликка қабул қилиш тўғрисидаги илк фармонлар бўлди.
Коррупцияга қарши кураш
Мирзиёев президентликка сайлангандиан сўнг Ўзбекистонда биринчи марта “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Давлат департаменти ҳисоботида айтилишича, давлат бошқаруви шаффоф бўлмагани ортидан мамлакатда коррупция даражасини ўта юқори, деб баҳолаш мумкин.
“Айрим юқори даражадаги амалдорларнинг коррупцияда айбланиб қамоққа олинганига қарамай, коррупция вазияти эпидемия даражасида қолмоқда ва амалдорлар бемалол коррупция билан шуғулланмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Давлат департаменти таҳлилчилари президент Мирзиёев 2012 йилда коррупцияга алоқадорликда айбланиб ишдан олинган Абдулла Ариповни 2016 йил сентябрида бош вазир ўринбосари, декабрда эса бош вазир лавозимига тайинлаганига ҳам эътибор қаратган.