"Евроцемент" Ўзбекистонда учта завод қуради

"Оҳангаронцемент" ҳиссадорлик жамияти.

"Евроцемент" ширкати Ўзбекистонда учта завод қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилоят ҳокими Шукурулло Бобоевнинг Санкт-Петербург губернатори Георгий Полтавченко билан Петербургда ўтган учрашуви чоғида маълум қилинди.

Хабарда айтилишича, умумий қиймати 330 миллион долларни ташкил қиладиган мазкур лойиҳа доирасида қурилиш материаллари ишлаб чиқариладиган заводлар барпо этилади.

Яқин кунлар ичида мазкур ташаббус юзасидан ҳамкорлик меморандуми имзоланиши кутилмоқда.

Аввалроқ "Евроцемент груп" холдинги вице-президенти Сергей Марченков ширкат “Оҳангаронцемент” ҳиссадорлик жамияти базасида янги цемент заводи қуриш режасини эълон қилган эди.

Марченковга кўра, янги заводни барпо этиш лойиҳаси 2020 йилда амалга оширилади.