Ўзбекистон президенти аҳолининг кенг қатламига микрокредит бериш тартибини енгиллаштириш ҳақидаги қарорни имзолади.
Uzbekistan Today сайтининг ёзишича, қарорда микрокредитлар бериш тартибини тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаганлар, оилавий пудратчилар ва аҳолининг бошқа қатламлари учун осонлаштириш кўзда тутилган.
Қарорга биноан бундан буён микрокредит қиймати энг кам иш ҳаққининг 20 бараваригача қилиб белгиланади. Кафолат сифатида эса кредит пулига сотиб олинган маҳсулот ёки асбоб-ускуналар ҳам қабул қилиниши мумкин.
Қўшимча тартибда бериладиган микрокредит қиймати эса энг кам иш ҳаққининг 60 бараваригача оширилиши мумкин. Бунинг учун аҳоли ўзи яшаб турган маҳалла қўмитасидан кафолат хати тақдим қилиши лозим.
Қарорга биноан Ўзбекистон Марказий банки бир ой муддат ичида янги тартибни амалда тадбиқ қилиш режасини тақдим қилиши лозим.
Бундан ташқари, қарорда бир ой муддат ичида вилоятлардаги мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари орасидан микрокредит бериладиган юридик шахсларга тегишли маҳсулот ва ускуна бериши мумкин бўлганларни танлаб, рўйхатини тузиш ҳам кўзда тутилган.