Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 31 октябрида имзолаган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида ижтимоий аҳамиятга эга 227 турдаги импорт дорини қатъий белгиланган арзон нарҳда сотишни йўлга қўя олмаган 200 дан зиëд аптека ëпилди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Назорат инспекциясида ишлайдиган мулозимнинг исми сир қолиш шарти билан айтишича¸ яна 700 га яқин дорихона лицензиясини тўхтатиш учун судга тақдимнома юборилган:
-200 дан зиëд аптека суд ҳукми асосида лицензиядан маҳрум қилинди. Улар келаси уч йил ичида аптека соҳасига қайта олмайди. Бундан ташқари 255 аптека нарх-навони оширгани учун 10 кун муддатга фаолияти тўхтатиб қўйилди. 27 март кунигача 615та дорихоналар фаолиятини тўхтатиб ишини судга юбориш бўйича қарор бор¸ дейди мулозим.
Дорилар «автолавка»да сотилмоқда
Тошкент ва вилоят марказларида дорихоналар бирин-кейин ëпилаëтгани кузатилмоқда. Ишлаëтган аптекалар пештахталарида туриши керак бўлган арзон сотилиш рўйхатига киритилган кўп дорилар эса қора бозорга ўтиб кетгани кузатилди.
Озодликка шикоят қилган тошкентлик 53 яшар Мавжуда опа эски Тошми ëнидаги аптекалар ëнида дори қора бозори пайдо бўлганини айтади:
- Аптекани ëнида машинада туришибди. Аптекада топа олмаган дориларингизни машина багажнигидан олиб беришади. Сал ноëб дори бўлса уйингизга ҳам олиб келиб беришади¸ - дейди суҳбатдош.
Дори таъминоти билан шуғулланувчи "Дори-дармон" ширкати раҳбарларидан бири Озодлик билан суҳбатда “қора-бозор” мавжудлигини қисман тан олди:
- Сиз айтган автолавкалар¸ машинасида дори сотаëтганлар ҳусусий аптекаларни ëнида. Бизни "Дори-дармон" ширкати тармоғи ëнида бундай ҳолат йўқ. Бошқа тарафдан "Дори-дармон" ширкати назорат билан шуғулланмайди. Бизга маълум бўлишича¸ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги махсус департамент қора бозор ташкил қилган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларни овламоқда, - дейди мулозим.
Озодлик ўтган ҳафта суҳбатлашган фарғоналик аптекачилардан бирига кўра¸ 1 январдан бери биргина Фарғонада 18 дорихона фаолияти¸ давлат белгилаган нархларда сотиш талабига амал қилмаганлик каби айбловлар билан суд қарори асосида тўхтатилган ва яна 40 та аптека устидан суриштирув жараëни бормоқда.
"Бу кетишда дорихоналар банкрот бўлади"
Озодлик суҳбатлашган вазирлик мулозими шу йил 7 мартдан бошлаб кучга кирган 227 турдаги дори-дармон воситаси мамлакат бўйлаб ҳамма жойда бир хил (арзонлаштирилган) нархда сотилиш қарорини танқид қилди:
-Дори таъминоти масаласини кардинал ҳал қилмасдан туриб, ҳусусий дорихоналарнинг эҳтимолий зарарини солиқдан чегириш каби имтиëзлар тизим яратмасдан туриб волюнтаристлик тарзда дорини арзон сотилишини таъминлаш амалда имконсиз. Ҳусусий дорихоналар фойда кўрмаса қандат ишлайди. Бу боришда улар ўз-ўзидан тугаб кетади. Дорининг эса қора бозорга ўтиб кетиши тайин дейди мулозим.
"Яхши бўлиш ўрнига аввалгидан ҳам баттар бўлди"
Расмий матбуот ҳабарига кўра шу йил 7 мартдан бери¸ дорихоналар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига 873та мурожаат келиб тушган.
Бу шикоятларда арзон сотилиши керак бўлган 227 турдаги дори-дармон воситалари аптека пештахталаридан йўқ бўлгани айтилади.
Озодлик билан суҳбатда Тошкентдаги қатор аптекалар¸ қолаверса¸ Бухоро¸ Наманган ва Фарғонадаги марказий аптека ходималри нархи белгиланган ижтимоий импорт дорилар рўйхатидаги гепарин¸ бензонал каби дорилар йўқлигини 20 март куни тасдиқлашган эди.
Айни пайтда улар бу дориларнинг маҳаллий аналоглари борлиги¸ улар нархининг эса¸ импорт доридан икки баравар қимматлигини қўшимча қилишди.
Шавкат Мирзиëев 2016 йилнинг 31 октябрида имзолаган "Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор¸ унинг илк жумласига кўра¸ “aҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида” қабул қилинган эди.