Мирзиёев Остонага мулозим ва тадбиркорлардан иборат қарийб 300 киши билан борди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан Остонада 2017 йил, 23 март куни учрашди.

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келгач, Тошкент савдо йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлади. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи давомида баёнот берди, деб хабар қилди Озодлик радиоси қозоқ хизмати.

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига 2016 йилнинг декабрида сайланганидан сўнг сафар қилаётган иккинчи мамлакатдир.

Мирзиёевнинг Остонага сафари 22 март куни бошланди. 23 март куни икки давлат ўртасида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувлардан сўнг бугун Остонада Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шерикчиликни янада чуқурлаштириш ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида Қўшма декларация имзоланди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

"Тарихий" ташриф

Икки давлат ҳукуматлари раислари ва аъзолари даражасида Минтақалараро ҳумкорлик тўғрисидаги келишув, 2017-2019 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик стратегияси, Иккитомонлама солиққа тортмаслик тўғрисидаги келишувга ўзгартишлар киритишга оид баённома, Халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги келишувга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишлар киритишга оид баённома, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури, Икки давлат ўртасида ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув каби қатор ҳужжатлар имзоланди.

Тадбирларни ёритаётган қозоғистонлик журналист Айнур Коскина ҳар икки давлат раҳбари бу учрашувларни "тарихий аҳамиятга эга" эканини алоҳида таъкидлаганини айтди.

- Президентлар буни "тарихий учрашув" деб аташди. Биринчи бор, бундай сафар доирасида Ўзбекистон томонидан жуда катта делегация келди - ҳукумат вакилларидан ташқари 250 аъзолик ишбилармонлар делегацияси ҳам бор. Президентлар учрашувида стратегик аҳамиятга эга бўлган 7 та йирик ҳужжат имзоланди. Жами, 1 миллиард АҚШ доллари атрофидаги қийматга эга бўлган 75та ҳужжат имзоланиши айтилган, - дейди Айнур Коскина.

Учрашувлар давомида баёнот берган Қозоғистон энергетика вазири Канат Бозумабаев "КазМунайГаз" миллий нефтгаз компанияси Россия нефтини Ўзбекистонга транзит қилиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр экани, тегишли ҳужжат Ўзбекистон Президенти Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи доирасида имзоланиши режалаштирилганини айтди.

- Ҳозирда Ўзбекистонга қувур ишламаяпти, у тўхтатиб қўйилган. Ҳозир икки томон энергетика вазирликлари бу масалани муҳокама қилмоқда. Шунинг учун ҳозир Ўзбекистонга нефтни фақатгина Чимкентдаги нефть ташиш эстакадаси орқали олиб бориш мумкин. У ерда ташиш қуввати тахминан икки миллион, - дейди журналист Айнур Коскина.

Икки давлат делегациялари орасидаги расмий учрашувлар битгач, президент Мирзиёевнинг Астанадаги Нурсултон Назарбоев номидаги университетда бўлиши режалаштирилган.

- Қозоғистонда Назарбоев инстутининг обрўси, худди, Буюк Британиядаги Ҳарвард университетининг обрўси каби баланд. Дарвоқе, президент Назарбоев икки давлат ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйишни таклиф қилди, аммо ўз номидаги университет эмас, балки бошқа олий ўқув юртлари учун таклиф қилди. Назарбоев университетига кириш жуда қийин, анча-мунча одам ўқий олмайди у ерда, - дея қўшимча қилди журналист.

Ташриф давомида президентларнинг Астанадаги Опера ва балет театрига бориши, кейин эса MEGA Silk Way савдо маркази ҳамда ЭКСПО-2017 кўргазмаси учун қурилаётган объектда бўлиши режалаштирилган.