“Малайзияда қайд этилган натижалар учун мухлислар олдида узр сўрайман. Деярли барча ўйинлар ғалаба ва мағлубият орасида туради. Сурия билан ўйинда қаердадир мен хато ҳам қилгандирман”,- деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи «А» гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар учрашуви арафасида.
Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий сайтларга кўра, фикрини давом эттирар экан, Бабаян бундай деган: “Афсуски, ҳеч қайси ўйинда оптимал таркибда ўйнай олмаяпмиз. Аввалги ўйинларда йўқотишлар бўлди. Бундан афсусдамиз.Тўхтахўжаев сариқ карточка туфайли ўйинни қўйиб юборади. Бу гуруҳда кураш сўнгги тургача давом этади, чунки рақиблар ҳам очко йўқотмоқда.
Асосий мақсадимиз — эртага ғалаба қозониш ва шу йўл орқали ЖЧ–2018 турнирига йўл олиш. Айни вақтда энг кучли таркибга эга эканимиз ҳақидаги сўзларни такрорлашдан қочмайман. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай. Балки эртагаёқ истеъфога чиқарман. Асосийси, Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ–2018 турнирига йўл олиши керак.
Жамоа яхши ўйнаганда стадион тўлади. Мухлисларга мурожаат қилмоқчиман. Стадионга қанча мухлис келишидан қатъий назар улардан далда сўраб қоламиз ва бизни қўллаб-қувватлашларига умид қиламиз», – деди Самвел Бабаян.
Ўзбекистон – Қатар учрашуви 28 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Ўйин 18:00 да бошланади.