"Янги туғилган чақалоқни Россиядан қандай олиб чиқаман?"

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда янги туғилган фарзандларини фақат сертификат орқали ўз юртларига олиб чиқиб кетишлари мумкин. Сертификатлар эса Москва ёки Новосибирскдаги Ўзбекистон консуллигида расмийлаштирилиши аниқланди.

Россиянинг Екатеринбург шаҳридан Озодликка мурожаат қилган фарғоналик Мўминжон Қамбаров шу ерда тўнғич фарзанди туғилишини кутаётганини хабар қилди.

У ҳали туғилмаган фарзандини Россиядан олиб чиқиб кетиш жиддий муаммоларни туғдириши мумкинлиги тўғрисида эшитгани ва шу саволга жавоб топиш мақсадида мурожаат қилаётганини билдирди.

- Мен Қамбаров Мўминжон, Фарғона вилояти Боғдод туманиданман. Муаммом шуки, Россиянинг Екатеринбург шаҳридаман. Уйланиб келганман, фарзандим ҳозирча йўқ. Хотиним ҳомиладор. Мен уни шу ерда туғдирмоқчиман – бир-иккитаси ҳар хил гап айтиб қолди. Мен роддомдан олган справка билан болани олиб чиқиб кета оламанмикан? Одамлар айтяпти “Москвага элчихонага борасан. У ерда сенга справка беришади, кейин борасан. Ўзингча олиб кета олмайсан болани – йўлда қўйиб юборишмайди”, деяпти. Шунга сизларга мурожаат қилдим, деди Мўминжон.

Фарғоналик суҳбатдош бир неча йилдан буён қурилишда ишлагани, ҳозирда шаҳар дўконларидан бирида укаси билан ҳаммоллик қилишини айтди.

Мўминжон Россияга оиласи билан келиб, шу ерда фарзанди туғилаётган ўзбек муҳожирлари жуда кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, “улар ҳам шу муаммога дуч келаётган бўлса керак”, деди.

Озодлик бу саволга жавобни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасидан олди.

Ўзини таништирмаган вакиллик ходимаси ҳақиқатан ўзбекистонликлар янги туғилган чақалоқни Россиядан олиб чиқиб кетиш учун фарзандларига “қайтиш сертификати”ни расмийлаштиришлари лозимлигини тасдиқлаб берди.

- Ҳа, сертификат олиниши керак. Масалан, сиз ва аёлингиз паспорти, боланинг туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси ёки метрикаси, ЗАГС қоғозинглар ва боланинг иккита расми керак бўлади. Консулхонага келиб, барча ҳужжатлар оригинали кўрсатилади, нусхалари бизда қолади. Ўша заҳотиёқ болага сертификат ёзиб берилади. Чақалоқ онаси билан кетадиган бўлса – отасининг нотариал тасдиқланган розилиги керак бўлади. Агарда ЗАГС қоғози бўлмаса, метрика олинаётганда “мать-одиночка” – “ёлғиз она”, деб ёзилади ҳужжатга. Ҳар бир болага амалдаги бож тўлови 5 доллар туради, деди Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги вакиласи.

Ходиманинг айтишича, она ва бола Ўзбекистонга борганидан кейин у ерда болага паспорт – “киндер-паспорт” расмийлаштирилади. Шунингдек, чақалоққа “қайтиш сертификати” берилиши учун ота-онасида боланинг “туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси” бўлиши шартлиги айтилди.

Янги туғилган гўдакни Россиядан олиб чиқиб кетиш учун зарурий ҳужжатлар ҳам Москвадаги марказий Консуллик идорасида, ҳам элчиликнинг Новосибирскдаги ваколатхонасида ҳам расмийлаштирилиши мумкинлиги айтилди.

Россияда меҳнат қилаётган кўплаб ўзбекистонлик муҳожирлар имкон қадар оила аъзоларини ҳам ўзи яшаб меҳнат қилаётган жойга олиб келишга ҳаракат қилиши ҳеч ким учун сир бўлмасдан қолди.

Россияда расман қайдда туриб, ишлаётган 10 миллиондан зиёд мигрантлардан энг кўпини Ўзбекистон ватандошлари ташкил этиши тўғрисида Озодлик хабар берган. Россия Ички ишлар вазирлигининг 2017 йилнинг 1 февралига келтирган маълумотига кўра, мамлакатда 1 млн 514 минг ўзбек муҳожири расман қайга олинган.

Мутахассислар Россияда нолегал ҳолатда юрган ўзбек мигрантлари сони салкам 1 миллион кишини ташкил этади.

Бироқ, Россияда ота-онаси олдида яшаётган ўзбекистонлик вояга етмаганлар сони борасида ҳозиргача бирор аниқ маълумот келтирилганича йўқ.