Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 март куни ўтказган видеоселектор орқали мажлисда айтилди.
Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий сайтларга кўра, Шавкат Мирзиёев маҳаллалардаги участка нозирларининг иш шароитларини яхшилаш зарурлигига эътибор қаратган. Нозир қайси маҳаллада ишласа, айнан шу маҳаллада яшаши кераклиги айтилган. Шунга кўра, ходимлар учун давлат томонидан намунали турар жойлар қуриб берилади. Бу ишларни президент шахсан назорат қилади.
«Уй беришга шошилманглар. Ишим кўп бўлса ҳам уйларни ўзим кўриб чиқаман. Вақтим етмаса, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев Тўлқинович бориб, альбомларни олиб келади ва ўзим кўриб, қўл қўйиб бераман. Уйлар шунчаки қурилмаслиги керак. Бундан ташқари, нозирларга хизмат автомобиллари топширилади», деган президент.
Шунингдек, махсус тайёрланаётган йўриқномага кўра, участка нозирлари қасамёд қабул қилади.
«Халқ ҳам, нозир ҳам билсин бу давлат борлигини. Нозирларга ҳамма шароитларни яратиб берамиз, кейин иш талаб қиламиз», дея таъкидлаган президент.