“Ўзбек Петербурги” портлашлардан кейин полиция рейдларидан чўчиб яшамоқда

Санкт-Петербург шаҳри метросида амалга оширилган портлашлардан сўнг бу шаҳарда ишлаб юрган меҳнат муҳожирларидан полиция мигрантлар ҳужжатларини текширишни кучайтиргани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

Айни пайтда шаҳарда мигрантлар ишлайдиган ва яшайдиган жойларда рейдлар бошлангани тўғрисида расмий маълумот йўқ.

200 мингдан 500 минггача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири яшаши айтиладиган Санкт-Петербургдаги ўзбек диаспораси жамоат ташкилоти раиси ва бошқа ўзбек фаолларининг Озодликка айтишича, 3 апрель кунги воқеа, шубҳасиз, меҳнат муҳожирларига муносабатга салбий таъсир қилиши мумкин.

Санкт-Петербург кўчаларида марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари одатдагидан кўпроқ ва синчковроқ текширила бошлангани тўғрисида Озодликка бир неча хабар етиб келди.

Ватандошларига турли идораларда, шу жумладан суд мажлисларида таржимонлик қиладиган, ўзини Карим, деб таништиришимизни сўраган ўзбекистонликнинг айтишича, текширувлар кучайгани рост. Бу хулосага у 4 апрель, куннинг биринчи ярмида бир неча миллатдошидан олган маълумотларига таяниб келганини айтди.

3 апрель кунги террор ҳужумини кескин қоралаган Каримнинг айтишича, полиция қирғизистонлик мигрантларга кўпроқ эътибор қаратаяпти.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области бўйича бош бошқармасининг Информация ва жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси мулозими Озодликнинг рейдларга оид саволини жавобсиз қолдирди.

Каримнинг фикрича, қирғизистонликларга алоҳида эътибор қаратилаётгани 3 апрель кунги портлашлар ортида келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган йигит турганига оид хабарлар сабаб бўлиши мумкин.

Санкт-Петербургдаги ўзбеклар диаспорасининг “Турон” жамоат ташкилоти раҳбари Алижон Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, “рейдлар тўғрисидаги ваҳималарга асос йўқ”. 3 апрель кунги портлашлар маҳаллий аҳолининг меҳнат муҳожирларига муносабатига соя солгани аломатлари сезилаётгани йўқ:

- Санкт-Петербург ҳар доим кўпмиллатли шаҳар бўлиб келган. Шаҳар аҳли муҳожирларга ҳар доим толерант бўлиб келган, деди 3 апрель кунги террор актини кескин қоралаган Алижон Ҳайдаров.

Санкт-Петербургда қанча ўзбек бор?

Бундан бир неча йил олдин баъзи ахборот воситалари Санкт-Петербургда 850 минг ўзбек бор, деган маълумот эълон қилингач, жамоатчиликда 5 миллион киши яшайдиган бу шаҳардаги ҳар 5 кишидан бири ўзбекдир, деган фикр шаклланган эди.

Федерал миграция хизмати ўзбеклар нуфусига оид рақамларни инкор этган, лекин мазкур хизмат ўзи тан олган рақамлар (300-400 минг) ҳам кичкина эмас эди.

Санкт-Петербургда ўзбеклар кўпайганини бошқа аломатлардан, масалан, бу шаҳарда ўзбек тилида газета чиқа бошлаганидан ёки этник фоҳишахоналар очилганидан билиш мумкин эди.

Санкт-Петербургдаги ўзбеклар диаспорасининг “Турон” жамоат ташкилоти раҳбари Алижон Ҳайдаровнинг Озодликка айтишича, кейинги йилларда шаҳарда ўзбек меҳнат муҳожирлари сони кескин камайиб кетган.

Унинг айтишича, рубл қадрсизланиб кетиши, Россия иқтисодиётида бўҳрон бошлангани оқибатида шу кунда "Санкт-Петербургда 200 минг нафар атрофида ўзбек бор, холос".

Бироқ Петербургда 2011 йилдан 2016 йилгача чоп этилган ва бу йил молиявий тақчиллик туфайли тўхтаб қолган “Турон” газетаси бош муҳаррири Маҳмуд Маматмўминовнинг ҳисоб-китоби сал бошқачароқ:

- Санкт-Петербургда қанча ўзбек бор, деган саволга ўтган йили тугатилган Федерал миграция хизмати ходимлари ҳам аниқ жавоб айта олмаган. Менинг ҳисоб-китобларим бўйича, шу кунда нолегалларни қўшиб ҳисоблаганда 500 минг нафар атрофида ўзбек бор. Ўтган йили 300 мингга яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига патент берилганини биламан, деди журналист.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари, асосан, қурилишларда ишлайди.

Қашқадарёлик 33 яшар Дилмурод Санкт-Петербург метросининг Девяткино станциясидаги қурилиш-таъмирлаш бригадаси ишчиси. Унинг айтишича, станцияга яқин жойда – вагон ётоқхонада яшагани учун 3 апрель кунги портлашлардан кейин шаҳарда юзага келган вазиятдан хабардор эмас.

- Лекин, кечаги воқеадан кейин шаҳарга чиқмай турган маъқул, ҳар қадамда текширавериб қон қилишса керак, деди Дилмурод.

3 апрель куни Санкт-Петербург метросининг икки станциясида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, жами 14 киши ўлган, 51 йўловчи жароҳат олган. Россия Бош прокуратураси ҳодисани террор ҳужуми, деб атади.