Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Москвага қилаётган давлат ташрифи доирасида Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Унгача Мирзиёев Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан ҳам музокаралар ўтказди. Музокараларда Ўзбекистонда газ конларини ўзлаштириш ҳамда шу кунларда долзарб бўлиб турган терроризмга қарши кураш масаласи кўтарилган.
Владимир Путин музокаралар чоғида Мирзиёев Ўзбекистонда президент бўлганидан буён ўтган қисқа вақт ичида икки мамлакат орасида савдо алоқалари ҳажми анча кенгайгани, товар айрбошлаш 260 фоизга ортганини айтди.
- Биз учун Ўзбекистоннинг минтақада тутган мавқеи муҳим, - деди Путин.
Ўз навбатида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев Россия президенти Путинга Москва марказида Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов номи билан аталувчи майдон ажратгани учун миннатдорчилик билдирди.
-Ўйлайманки бу ёдгорлик, бу ҳиёбон икки мамлакат орасида кўприк бўлади, мамлакатларимиз орасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди, - деди Мирзиёев.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифи давомида Россия ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий соҳадаги келишувлар билан 55 ҳужжатдан иборат 12 миллиард АҚШ долларилик сармоявий, 3.8 миллиард АҚШ долларилик савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистондаги йирик темир конини ўзлаштириш, икки давлат ҳамкорлигида 1,5 миллиард долларга металл қуйиш заводи барпо этиш каби лойиҳалар .
Музокаралар чоғида Россиянинг "Аэрофлот" ширкати учоқларининг Самарқандга мунтазам қатновини йўлга қўйига ҳам келишилган.
Россия Давлат Думаси эса Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномасни ратификация қилган.
Куннинг биринчи ярмида Шавкат Мирзиёев Россия бош вазири Дмитрий Медведев билан учрашди.
ЎзА хабарига кўра, Медведев Россия Ўзбекистонни энг ишончли ҳамкорларидан бири деб билишини айтган.
Мирзиёев эса Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан чуқур ҳамдардлигини билдирган.
- Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Шавкат Мирзиёев Москвага давлат ташрифи билан борган эса-да у аэропортда дипломатия протоколига номувофиқ тарзда кутиб олинган.
Одатда давлат ташрифи билан борган мамлакат раҳбарларини бош вазир кутиб олиши керак.
Лекин, жаноб Мирзиёевни самолёт трапи олдига Россия иқтисодиёт вазири Максим Орешкин чиққан.
Бу Шавкат Мирзиёевнинг Россияга президент лавозимидаги илк ташрифидир.
Унгача Ўзбекистон раҳбари Туркманистон, Қозоғистонда бўлди.
Россия Ўзбекистоннинг Хитойдан кейин турадиган иккинчи йирик иқтисодий ҳамкори ҳисобланади.
Россиянинг Ўзбекистон иқтисодига киритган сармояси ҳажми сўнгги беш йил ичида 6 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Ўзбекистон ташқи савдосидаги Россиянинг улуши эса 17 фоизни ташкил этади.
Ўзбекистон Россияга асосан қишлоқ хўжалиги махсулотлари етказиб берди.
Ўтган йили Ўзбекистон Россияга 150 минг тоннага яқин, яъни аввалги йиллардагига қараганда икки ярим баравар кўп миқдорда мева ва сабзавот экспорт қилган.