Ўзбекистон президенти Мирзиёевнинг Москвага давлат ташрифи доирасида умумий қиймати 15 миллиард доллар бўлган шартномалар имзоланди.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
-Чуқур қаноатланиш билан айтиш мумкинки, сўзлашувларимиз натижаларига кўра,жуда кўп ҳужжатлар имзоланди. Бу Ўзбекистон ва Россия президентларининг қўшма баёноти ҳамда иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, ҳарбий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид 50тадан кўпроқ шартнома ҳамда контрактлардир. Ҳамкорликда амалга ошириладиган савдо-инвестиция лойиҳалари портфелининг умумий қиймати 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади, -деди Мирзиёев.
Владимир Путин матбуот анжуманида томонлар автомобилсозлик, йўловчи ташувчи авиация ва фармацевтика соҳаларида Ўзбекистон ва Россия ширкатлари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масаласида келишиб олганларини айтди.
Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи 4-5 апрель кунлари бўлиб ўтди.