Артур Таймазовнинг Пекин олимпиадасида қозонган чемпионлиги бекор қилинди

Артур Таймазов каби "чемпион"ларнинг бош ҳомийси тадбиркор¸ Миллий олимпия қўмитаси раҳбарларидан бири Салим Абдувалиев ҳисобланади.

Эркин кураш бўйича уч марта Олимпиада чемпиони¸ 2000 йилги олимпиаданинг кумуш медаль соҳиби¸ икки марта жаҳон чемпиони ва Россия Давлат Думаси депутати Артур Таймазов Халқаро Олимпия қўмитаси қарорини судга беражагини билдирди.

Халқаро олимпия қўмитасининг 5 апрель куни эълон қилинган ва шу кундан кучга кирган қарори билан Таймазов 2008 йилги Пекин ëзги олимпиадасида 96-120 килограмдаги эркаклар ўртасида эркин кураш бўйича қўлга киритган олтин медалдан маҳрум этилди.

Қарорда айтилишича¸ Таймазовдан Пекин олимпиадаси пайтида олинган анализлар қайта текширилганда¸ уларда туринабол ва станозолол каби тақиқланган моддалар топилган.

Таймазов допингга қарши қоидаларни бузгани учун Пекин ўйинларидан дисквалификация қилинди ва медали қайтариб олинди.

Таймазовга берилган олтин медаль ва чемпионлик гувоҳномасини Халқаро олимпия қўмитасига қайтариш Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси зиммасига юклатилди.

Халқаро олимпия қўмитаси ўтган йил ноябрида 74 килограмгача бўлган вазндаги ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиевни ҳам Пекин олимпиадасидаги кумуш медалдан маҳрум қилган эди.

Тигиев ҳам анализлари қайта текширилганда улардан допинг топилгани учун медалидан айрилган эди.