Президент Мирзиёевнинг Москвага қилган давлат ташрифи доирасида имзоланган 55 та ҳужжат ичида бўлган “Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинчалик меҳнат қилишга уюшган ҳолда жалб этиш бўйича келишув” кучга киргани муносабати билан, бундан буён Россияга меҳнат муҳожирлари махсус буюртма асосида ишга жўнатилади.
Бу ҳақда Москва миграция марказининг Facebook даги саҳифасида хабар берилди.
Шартномага асосан Ўзбекистондан Россияга борадиган ишчилар қаерда ишлашлари, қанча маош олишлари ва қаерда яшашлари ҳақида олдиндан маълумотга эга бўлади.
Ўзбекистонда улар билими, саломатлиги ва шубҳали ишлардан холилиги бўйича танлаб олинади.
Хабарда таъкидланишича, бу меҳнат муҳожирларини Россияда фирибгарлар қўлига тушиб қолишдан ҳамда қулликка сотилишдан ҳимоялайди.
Расмий маълумотларда айтилишича, 2017 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, Россияда 1,5 миллион нафарга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилмоқда.