Алишер Усмонов Алексей Навалнийни судга бермоқчи

А.Усмонов ва Д.Медведев

Россиялик таниқли бизнесмен Алишер Усмонов Россия мухолифати лидери Алексей Навалний устидан судга шикоят қилишини билдирди. Алишер Усмонов Москванинг Рублевское шоссесидаги 87 млн доллар турувчи ер ва уйнинг Бош вазир Дмитрий Медведевга гўёки совға қилгани тўғрисидаги Навальнийнинг иддаоларини “бўҳтон” деб атади. Алексей Навалний Усмоновнинг баёнотига жавоб қайтарди.

Россиялик миллиардер, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган тадбиркор Алишер Усмонов "Коррупцияга қарши жамғарма" (ФБК) нодавлат, нотижорат ташкилоти асосчиси Алексей Навалнийни судга беришини билдирди.

ТАСС хабарига кўра, Усмонов судга мурожаат қилишга мухолифатчининг матбуотда келтирган маълумотлари сабаб бўлган.

- Навалний одамларни алдаяпти ва унинг айтганлари – бўҳтон. Мен узоқ вақт унга ортиқча пиар ясаб бермаслик учун ёлғон гапларига эътибор бермасдан келдим, аммо охирги туҳматлари билан, мени жиноят содир этганликда айблаб, у ҳаддидан ошди. Шу сабабли мен Навалнийни судга бераяпман ва ҳуқуқ-тартибот органларига ҳам мурожаат қиламан, деган Алишер Усмонов.

Бизнесменга кўра, Алексей Навалнийнинг уни айблашга "маънавий ҳақи йўқ" , зеро у ўз ишларини “шаффоф ва қонуний” олиб бормоқда, юз минглаб кишини иш билан таъминламоқда, йилига 100 млн. доллардан ортиқ пулни хайрия қилмоқда.

Навалний эса, ўзининг Twitter саҳифасида Усмоновга жавоб қайтарди.

“О, Алишер Усмонов (6 йил Ўзбекистон ССРда ўтириб чиққан) хабар қиладики, мен “жиноятчи” ва мени устимдан у “органларга ариза” билан мурожаат қилар экан”, деб ёзди Навалний.

Алексей Навалний Усмоновнинг баёноти ортидан ўзига ва у бошқараётган ташкилотга янги босимлар бўлишини тахмин қилди. Мухолифат етакчиси бу ҳақда сешанба куни YouTube порталида маълум қилди.

Навалний ўзи устидан яна бир жиноят иши очилиши мумкинлиги ва ФБКда навбатдаги тинтув ўтказилиши мумкинлигини айтмоқда.

Алишер Усмоновнинг "сабр косасини тўлдирган" ҳодиса Навалний бошқараётган Коррупцияга қарши жамғарма (ФБК) "Бош вазир Дмитрий Медведевнинг декларация қилинмаган қароргоҳлари, яхта ва бошқа мулклари мавжудлиги" тўғрисида олиб борилган суриштирув натижаларининг эълон қилиниши билан боғлиқ.

Ҳозирга келиб “У сизга Димон эмас. Саройлар, яхталар, узумзорлар – Дмитрий Медведевнинг махфий империяси” , номи остида чиқарилган видеофильмни 17 миллион одам кўргани маълум.

Мухолифатчилар иддаосича, Дмитрий Медведев дўстлари ва яқинлари орқали бошқараётган “хайрия жамғармалари”дан 70 миллиард рубл (~1 млрд. 231 миллион АҚШ долл.-таҳр.) миқдорида “ҳайр-эҳсон” олган.

Хусусан, ФБК мутахассислари иддаосича, Алишер Усмонов Рублевский шоссесидаги Знаменское қишлоғида жойлашган ва 87,1 миллион долларга баҳоланган участка ва ундаги қасрни Медведевнинг синфдоши Илья Елисеев бошқараётган “Соцгоспроект” фондига ўтказиб берган.

Бу фильмда, шунингдек, Россия ҳукумат раиси билан боғлиқ жамғармалар бундай “эҳсонларни” бошқа йирик рус тадбиркорларидан маблағ ўтказмалари шаклида, “Башнефт” ва “Газпром” каби давлат ва нодавлат ташкилотларидан эса фойдали кредитлар кўринишида олиб келгани айтилди.

Ҳукумат раҳбарияти Навалний ва мухолифат вакилларининг бу иддаоларига жавобан сукут сақлагани ва жавоб беришдан бош тортгани Россиянинг юздан зиёд шаҳарларида оммавий норозилик акцияларини келтириб чиқарди.

2017 йилнинг 26 март куни минглаб россияликлар чиқишлари, якка пикетлари ва оммавий митинглари полиция ва Росгвардия томонидан тарқатиб юборилди, 1030 одам ҳибсга олинди.

Алексей Навалний ва унинг сафдошлари суд қарори билан жаримага тортилди ва 15 суткага қамалди. ФБК офиси буткул вайрон қилиниб, оргтехникаси полиция томонидан мусодара қилинди.

Бундан олдинроқ мухолифат етакчиси ва Владимир Путин режимининг ашаддий танқидчиси адвокат Алексей Навалний 2018 йилга мўлжалланган Россия президенти сайловларида иштирок этишини билдирган эди.

Левада-Марказ олиб борган социологик сўров натижаларига кўра, 26 мартдаги коррупцияга қарши норозилик акцияларидан кейин Алексей Навалнийни қўллаб-қувватлаётган ва президент сайловида унга овоз бериш ниятида бўлган оддий россияликлар сони 10 фоизга етган.

26 март куни ҳукуматда илдиз отган коррупцияга қарши оммавий акциялар эса 38 фоиз россиялик томонидан маъқуллангани маълум бўлди.