Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ўзбек-қирғиз чегараси яқинида ҳавога қарата ўқ отилганини билдирди. Ўзбекистоннинг расман билдиришича, воқеа қирғиз чегарачиси айби билан бўлиб ўтган. Қирғизистон томони ҳозирча бу борада расман изоҳ бермади. Бу сўнгги ўн кун ичида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида юз берган иккинчи нохуш ҳодиса бўлди.
Хабарда айтилишича, 11 апрель куни кеч соат 7лар атрофида Фарғона вилоятининг Сўх тумани орқали ўтган "Қизилқиёқ-Бўзадир" транзит автойўлидаги Ўзбекистонга қарашли назорат пости яқинига AUDI машинасида Қирғизистоннинг Боткен чегара отряди "Бўз-Адир" чегара заставаси бошлиғи, катта лейтенант Асқарбеков маст ҳолда келган.
“У қўпол тарзда ва ҳақоратлар билан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларидан ушбу ҳудудни тарк этишларини ноҳақ равишда талаб қилади. Чегара хизматчилари Асқарбековга унинг бу талаби ноўринлигини тушунтиришга ва вазиятни мураккаблаштирмасликка уринишади. Бироқ Асқарбеков Ўзбекистон МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчисини маҳкам ушлаб ўзи билан Қирғизистон ҳудудига олиб ўтишга уринади", — деб хабар қилди Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати.
Маълумотномада айтилишича, ҳавога қарата огоҳлантирувчи ўқ отилганидан сўнг вазият юмшаган ва қирғиз чегарачиси ўз ҳудудига ўтиб кетган.
Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати Ўзбекистон ва Қирғизисон ўртасидаги “аҳил қўшничилик муносабатлари инобатга олиниб”, Асқарбеков ҳибс қилинмаганини таъкидлаган.
Ўзбекистон чегара қўмитаси хабарида бу воқеа ўша куниёқ қирғиз томони билан ўтган учрашувда муҳокама қилинганини, аммо Боткен чегара отряди расмийлари Асқарбековнинг ҳаракатлари ноқонуний эканини тан олмагани ҳамда уни спиртли ичимлик истеъмол қилгани юзасидан экспертизадан ўтказишдан бош тортганини маълум қилган.
"Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси қирғизистонлик ҳамкасбларини қўл остидаги хизматчиларининг ҳаракатларини холисона баҳолашга ва бундан кейин бундай иғвогарлик ҳаракатларига йўл қўймасликка чақиради", — дейилади Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати баёнотида.
Қирғизистон Чегара хизмати мазкур воқеа юзасидан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади. Озодлик мухбири телефон орқали боғланган Чегара хизмати вакили айни пайтда матбуот билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга бўлган расмийлар меҳнат таътилида эканини айтиб, саволларимизни жавобсиз қолдирди.
Қирғиз Чегара хизмати ходимига кўра, бу воқеа юзасидан ҳозир расмий маълумот тайёрланмоқда ва бу маълумот раҳбарият томонидан тасдиқланганидан сўнг, яқин кунларда матбуотда чоп этилади.
Бу сўнгги ўн ичида ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган иккинчи ходиса бўлди. 3 апрель куни Боткен вилоятининг Сўх тумани билан чегарадош ҳудудида ўзбек чегарачиси қурол билан Қирғизистон ҳудудига ўтгани иддао қилинган видео ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди.
6 апрель куни Қирғизғистон Чегара хизмати бошлиғи вазифасини бажарувчи Уларбек Шаршеев ўзбек чегарачиси қурол билан Қирғизистон ҳудудида ўтгани тўғрисидаги бу иддаони рад этган.
“Видео олинган ҳудуд баҳсли жой бўлиб ҳисобланади ва бу ердан рамзий чегара чизиғи ўтган. Ўзбек чегарачиси ҳаракатланган ҳудуд Ўзбекистонга қарашли бўлиб ҳисобланади. Лекин йўлнинг бу томони Қирғизистонга тегишли. Авваллари бу ҳудудда ўзбек чегара наряди бўлмаган,ўша куни негадир бу ерга наряд қўйилган экан. Икки томонлама ўтган учрашувдан сўнг Ўзбекистон чегарачилари бу ҳудудда ҳаракатланмаслигига келишиб олинди”, деб билдирган Уларбек Шаршеев.