БМТ ва ЕХҲТ Россия ҳукуматини Чеченистондаги гейлар ҳуқуқига эътибор қаратишга чақирди

БМТнинг инсон ҳуқуқи бўйича экспертлари ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Россия ҳукуматидан Чеченистонда гейларга нисбатан содир этилаётган зўравонликларни тўхтатишни ва бу ҳолатлар юзасидан “тезкор ва ҳар томонлама тергов ўтказишни” талаб қилди.

13 апрелда эълон қилинган маълумотда айтилишича, Чеченистонда гомосексуаллар бедарак йўқолаётгани ҳамда қийноқларга солинаётгани тўғрисида далиллар мавжуд.

Халқаро ташкилотлар бундай “даҳшатли хабарлар” “жиддий тергов қилишиниши шарт” эканини ҳам таъкидладилар.

Мазкур баёнот Россия нашрларида Чеченистонда гейлар полиция томонидан қўлга олиниб концлагерларга жўнатилаётгани, жуда қаттиқ ва даҳшатли қийноқларга солинаётгани тўғрисидаги мақолалар пайдо бўлгани ортидан берилди.

Россия нашрларининг ёзишича, Чеченистонда гейлар сақланадиган концлагерда бугунги кунда юз одам бор. Улардан камида уч нафари ўлган.

Чеченистон ҳукумати бу хабарларни инкор этмоқда.