Стокҳолмдаги террор амалини содир этишда гумонланган Ўзбекистон ватандоши Раҳмат Оқилов “Ислом давлати” экстремист гуруҳи эмиссарлари томонидан ушбу гуруҳга ёлланган.
"РИА Новости" агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот йиғинида маълум қилган.
"Раҳмат Оқиловнинг ноқонуний амаллари ҳақидаги маълумотлар махсус хизматлар орқали швед томонини хабардор этиш учун бизнинг ғарбдаги шерикларимиздан бирига топширилган," - деб айтган Комилов Тошкентдаги халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган йиғинда.
Абдулазиз Комиловнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 39 яшар Раҳмат Оқиловга нисбатан диний экстремизмга оид моддалар асосида жиноий иш қўзғатилган. Лекин жиноят иши қачон қўзғатилгани тўғрисида хабарда айтилмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"РИА Новости"га кўра, Абдулазиз Комилов яна бундай деган:
"Раҳмат Оқиловнинг ғайриқонуний қилмишлари тўғрисидаги маълумот олдинроқ махсус хизматлар орқали бизнинг Ғарбдаги шерикларимиздан бирига Швеция томонини хабардор қилиши учун жўнатилган. Чет элда юрган чоғида Интернет тармоғи орқали у Ислом давлати эмиссарлари томонидан ёлланган."
12 апрель куни Reuters агентлиги Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, Оқиловнинг 2015 йилда Туркиядан Сурия ҳудудига ўтишга уринган пайти ушланиб, Швецияга депортация қилингани ҳақида хабар тарқатганди.
"На тасдиқлаймиз, на инкор қиламиз"
Швеция Хавфсизлик Хизматининг матбуот котиби Карл Меллин Ўзбекистон ташқи ишлар вазири берган маълумотни на тасдиқлаши ва на инкор қилишини билдирган.
Карл Меллин "Экспрессен" веб саҳифасига жумладан шундай деган:
"Биз бу турдаги маълумотни на тасдиқлаймиз, на инкор қиламиз. Умуман олганда мен биз Европада, айниқса Скандинавия мамлакатаридаги турли хавфсизлик ташкилотлар билан ҳамкорликка эгамиз. Аммо ўзаро маълумот қандай бўлиши тафсилотини айта олмайман," деб айтган Карл Меллин.
7 апрель тушликдан кейин Стокҳолм марказида Раҳмат Оқилов юк машинасини пиёдалар устига ҳайдаши оқибатида 11 яшар бир қизалоқ дохил 4 одам ҳалок бўлганди.
Ҳужумда яна 15 киши жароҳат олганди.
Ҳужумдан бир неча соат ўтиб, полиция Раҳмат Оқиловни тутишга муваффақ бўлди.
11 апрелда Швеция маҳкамаси Стокҳолм террор амалини содир этганини тан олган Раҳмат Оқиловни судга қадар эҳтиёт чораси сифатида бир ой қамоқда сақлашга ҳукм қилди.
Суд ҳукмига кўра, ҳибсга олинган суд-психиатрик экспертизадан ўтиши лозим. Сун қарорига муносабат билдирган адвокат Йоҳан Эрикссон "Раҳмат Оқилов террор жиноятини тан олаяпти, шунинг учун қамоқда қолади”, деб айтди.