Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда олий таълим тизимини замонавийлаштиришга қаратилган кредит лойиҳасини имзолади.
Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, ҳужжат 11 апрель куни имзоланган.
2017−2022 йилларга мўлжалланган лойиҳа ижроси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юклатилди, Жаҳон банки эса техник ёрдам кўрсатади.
Лойиҳа олий таълим даргоҳларининг ихтисослашган, малакали кадрларни тайёрлаш ва мамлакат иқтисодиёти ривожланишига хизмат қиладиган сифатли, актуал мавзулардаги тадқиқотларни ўтказиш салоҳиятини оширишга қаратилган.
Лойиҳа учун бериладиган кредит Жаҳон банки қошидаги Халқаро тараққиёт ассоциацияси томонидан имтиёзли тарзда ажратилади. Кредит 25 йил давомида қайтарилиши лозим. Бунинг 5 йили имтиёзли муддатдир.
Ўзбекистон ҳам ўз бюджетидан улуш қўшади ва шу тариқа лойиҳа умумий фонди 50 миллион долларни ташкил қилади.