Москва вилоятининг Одинцово туманида Санкт-Петербург метросидаги террор ҳуружини уюштиришга алоқадорликда гумонланган яна бир марказий осиёлик қўлга олингани хабар қилинди.
Россия Федерал хавфсизлик хизматининг 17 апрель куни билдиришича, қўлга олинган шахс 1990 йилда туғилган Аброр Азимовдир.
Федерал хавфсизлик хизмати Азимов Петербург метросидаги ҳужумни амалга ошириш учун Акбаржон Жалиловни тайёргарликдан ўтказган, деб гумон қилмоқда.
Аввалроқ 15 апрель куни Петербург суди террорчиликка алоқадорликда гумонланган яна икки нафар қирғизистонлик меҳнат муҳожирини ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқаргани хабар қилинган эди.
Шундай қилиб, Санкт-Петербург метросида 3 апрель куни амалга оширилган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлар сони ўн кишидан ошиб кетди. Улардан 3 нафари Ўзбекистон ватандоши экани айтилмоқда.
Петербург метросидаги теракт натижасида 15 одам ўлган¸ 50 дан ошиғи жароҳат олган эди. Россия Тергов қўмитаси худкуш ҳужумчи деб келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Россия гражданлигига эга ўшлик Акбаржон Жалиловни эълон қилганди.
6 апрель куни Тергов қўмитаси Петербург ва Москвада террорчиликка алоқадорликда гумонланган 8 одам қўлга олинганини билдирган эди.