Ўзбекистонда корхоналарни хусусийлаштириш кутилган даражадаги самарани бермади. Бу ҳақда президент Мирзиёев 18 апрель куни имзолаган “Хусусийлаштирилган корхоналар билан ишлаш самарадорлигини ошириш чоралари тўғрисида”ги қарорда гап боради.
Ҳужжатда таъкидланишича, мустақиллик йилларида 30 минг давлат объектлари, жумладан, 6500та йирик ва ўрта ишлаб чиқариш корхоналари хусусийлаштирилган.
Бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 81 фоизи, ишлаб чиқаришнинг 94 фоизи, аҳоли бандлигининг 82 фоизи хусусий сектор улушига тўғри келмоқда.
Президент қарорида хусусийлаштирилган корхоналарнинг 2 мингтаси рентабелли эмаслиги, жумладан, мингдан ортиқ корхона ишламаётгани қайд этилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, қарорда хусусийлаштирилган корхоналарга кўмак кўрсатиш бўйича давлат қўмитаси ташкил этилиши белгиланган.