Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллийлаштириш ва экспорт масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотларни белгиланган ҳажмда экспортга етказиб бермаган туманлар ҳокимлари ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириди.
Президентга кўра, мева-сабзавот экспорти бўйича кўрсаткичларини бажармаган ҳокимлар биринчи ярим йиллик натижалари муҳокама қилинадиган йиғилишда ишдан бўшатилади.
Йиғилишда тайёр маҳсулотлар турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича қабул қилинган дастурларни амалга ошириш доирасида қиймати 5,5 миллиард доллардан ортиқ 2,8 мингдан кўпроқ лойиҳа амалга оширилгани ҳам қайд этилди.
Мажлисда билдирилишича, Ўзбекистонда авваллари хориждан олиб келинган 4 минг 800дан кўпроқ янги маҳсулотлар турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Натижада кейинги беш йилда импорт ҳажми 752 миллион долларга, жумладан, 2016 йилда 286 миллион долларга камайди.