Ўзбекистоннинг баъзи туманларида газни хусусий тадбиркор сотади

Урганч тумани, Шоликор қишлоғидаги газ тарқатувчи ускуна (ГРП)

Ўзбекистон ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳрида газ таъминоти объектларининг бир қисми бошқаруви хусусий операторларга ўтказиб берилади. Хусусий операторлар газ бўлиштириш тармоғидан фойдаланиб, табиий газ сотиш ҳуқуқига эга бўлади.

Gazeta.uz нашрининг билдиришича, бу ҳақда президент Мирзиёев 20 апрель куни имзолаган қарорда айтилган.

Тажриба лойиҳаси сифатида дастлаб Тошкентда “Бектемиртумангаз”, Қорақалпоғистонда “Кегейлитумангаз”, Андижон вилоятида “Шахрихонтумангаз”, Бухоро вилоятида “Кагантумангаз”, Жиззах вилоятида “Зоминтумангаз”, Қашқадарё вилоятида — “Каршитумангаз”, Навоий вилоятида “Қизилтепатумангаз”, Наманган вилоятида “Намангантумангаз, Самарқанд вилоятида “Нарпайтумангаз”, Сурхандарё вилоятида “Жарқўрғонтумангаз”, Сирдарё вилоятида “Янгиершаҳаргаз”, Тошкент вилоятида “Янгийултумангаз”, Фарғона вилоятида “Олтиариқтумангаз” ва Хоразм вилоятида “Янгиариқтумангаз” хусусий операторларга берилади.

Қарорда айтилишича, бундан мақсад газ таъминоти соҳасига бозор иқтисодиёти механизмларини киритиш ва бошқарув тизимини яхшилаш, тизимни модернизациялаш учун сармоялар жалб қилишдир, хизмат кўрсатиш сифатини ва истеъмол қилинган газ учун ҳақ ундиришни яхшилашдир.

Мазкур қарор 1 июндан бошлаб кучга кириши айтилмоқда. Хусусий операторлар танлов йўли билан аниқланади. Хусусий операторлар табиий газ сотиш учун лицензия олгач, ўз фаолиятини бошлаш ҳуқуқига эга бўлади. Уларга сотилган газ миқдорининг 21 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда комиссия белгиланган.