Хитойнинг Шинжон минтақаси расмийлари мусулмонлар орасида кенг тарқалган диний маъно ташувчи исмларни тақиқлади.
Бундан кейин Шинжондаги уйғурлар ўз фарзандига Ислом¸ Қуръон¸ Макка¸ Жиҳод¸ Имом¸ Саддам¸ Ҳаж ва Мадина деган исм қўя олмайди.
Минтақа расмийлари таъкидича¸ бу исмлар Хитой Коммунистик партияси яқинда қабул қилган “Миллий озчилик учун ном қўйиш қоидалари” деб аталган ҳужжатга мувофиқ тақиқланган.
Минтақа маркази Урумчи полиция бошқармаси расмийлари¸ бундай исм қўйилган болалар давлат регистрациясидан ўтказилмаслиги ва уларга тиббий суғурта ва таълим берилмаслигини билдирди.
Шинжон минтақасида 10 миллиондан ошиқ уйғур¸ 1¸5 миллион қозоқ¸ 150 минг қирғиз¸ 5000 татар¸ 4000 тожик ва 1000 га яқин дунган яшайди ва уларнинг аксарияти мусулмонлардир.
Хитой режимининг ўз миллий ва диний ўзлигига қарши олиб бораëтган сиëсати йиллардан бери уйғурларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлиб келмоқда.