Ўзбекистон Ички ишлар вазири Абдусалом Азизовга кўра¸ дунëнинг барча мамлакатларига чиқишга рухсат берувчи стикер (ОВИР) бериш тизимига айрим ўзгартишлар киритилмоқда.
Бундай рухсатнома бериш билан шуғулланувчи ички ишлар ходимлари сони “кескин кўпайтирилиши”ни таъкидлаган Азизов¸ чиқиш визаси ва биометрик паспорт олиш учун электрон навбат тизими жорий қилинишини билдирди.
2 май кунги матбуот анжуманида Ички ишлар вазири чиқиш визаси тизимини бекор қилиш ҳақида гапирмади.
Ўзбекистонликлар ҳаракат эркинлигини кескин чекловчи чиқиш визаси аҳолининг кенг норозилигига сабаб бўлиб келмоқда ва бу тизимни бекор қилиш таклифи “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси”га ҳам киритилди.
Давлат дастурининг 76-моддасида 2017 йилнинг 3-чораги ичида ИИВ, ТИВ, МХХ, ДБҚ, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига “паспорт тизимини такомиллаштириш орқали хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш” вазифаси юклатилган.
Ўзбекистон ўз аҳолисининг хорижга чиқиши учун махсус текширув тизими ва стикер жорий қилган дунëдаги саноқли давлатдан бири ва чиқиш визаси тизими йиллардан бери ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро ҳуқуқ фаолларининг кескин танқидига учраб келмоқда.