Тошкентда янги уй сотиб олиш орқали, доимий рўйхатдан ўтиш имкониятини берувчи қонун 1 июлдан бошлаб кучга кириши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 3 май куни Sputnik нашри маълум қилди.
Хабарда айтилишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига муҳокама учун жойлаштирилган мазкур қонун 10 май куни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилади. Ҳужжатнинг кучга кириш муддати эса 1 июль қилиб белгиланмоқда.
Янги қонунда вилоятдан келганлар Тошкентда янги қурилган уйлардан қиймати энг кам иш ҳақининг 2 минг баробарига тенг бўлган уй сотиб олган тақдирда, уларга пойтахтда рўйхатдан ўтиш имконияти берилиши белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда Вазирлар маҳкамасинингг махсус қарори билан фақат Президент девони, Олий Мажлис, МХХ, Вазирликлар, Давлат қўмиталари ва қонун томонидан санаб ўтилган 59 та ташкилот ходимлари; Тошкентда доимий рўйхатда турган фуқаронинг турмуш ўртоғи ёки энг яқин қариндошларигагина “прописка”дан ўтиш ҳуқуқи берилган.
Тошкентда доимий рўйхатда турмаганларга пойтахтда уй сотиб олиш ҳуқуқ берилган эмас.