Президент Мирзиёев доривор ўсимликлар етиштиришга ва уларни қайта ишлашга ихтисослашган 7та эркин иқтисодий ҳудудни ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Podrobno.uz нашрининг 4 май куни билдиришича, яқин кунларда "Нукус-фарм", "Зомин-фарм", "Косонсой-фарм", "Сирдарё-фарм", "Бойсун-фарм", "Бўстонлиқ-фарм" ва "Паркент-фарм" эркин иқтисодий ҳудудлари барпо этилади.
Расмий маълумотларда айтилишича, бугунги кунда хориждан Ўзбекистонга 6 300 номдаги дори маҳсулотлари импорт қилинади. Ўзбекистонда эса фақат 2 минг номдаги дори-дармон ишлаб чиқарилади.
Мутахасислар бунга Ўзбекистон фармацевтика саноатининг хориж хом ашёсига қарамлигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Дори ишлаб чиқариш учун зарур бўлган 350 турдаги дориворн ўсимликлардан фақт 71таси Ўзбекистонда етиштирилаяпти. Доривор ўсимликлар ҳосилининг камлиги эса дори ишлаб чиқариш саноати ривожланишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу сабабдан ҳам ташкил қилинаётган доривор ўсимликлар етиштирувчи ва дори ишлаб чиқарувчи эркин иқтисодий ҳудудлар жалб қилинган хориж сармояларидан келиб чиққан ҳолда солиқ имтиёзларига эга бўладилар.