9 май Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган президент иштирокидаги асосий тадбирлар Тошкент вилояти Зангиота туман ҳудудида жойлашган академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ ҳудудида бўлиб ўтди.
Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, Институт ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари учун дастурхон ёзилиб, байрам дастури ташкил этилган, байрамга президент Шавкат Мирзиёев ҳам ташриф буюрган ва уруш қатнашчиларини табриклаган.
«Бу кунда ҳаммамиз жанг майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимиз муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи поклари олдида ҳурмат бажо келтирамиз. Биз ҳамиша улар билан фахрланамиз», — деган ўз нутқида президент.
«Жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, шунингдек фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз.
Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Шубҳасизки, бу даҳшатли уруш бутун инсоният қатори бизнинг халқимизга мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келган», — деган давлат раҳбари.