Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 май куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайнни қабул қилди. Бу ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Uza.uz хабарига кўра, Мирзиёев Ўзбекистон ва БМТ, ушбу нуфузли универсал халқаро ташкилот институтлари, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ўртасида амалий ва очиқ мулоқотни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган. У инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли таркибий ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани қайд этган.
Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича фикр алмашилган.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Зайд Раад ал-Ҳусайн президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига юксак эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалий чоралар кўрилаётгани учун миннатдорлик билдиргани ҳақида ёзади.
Аввал хабар қилганимиздек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари кеча Тошкентда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди. Бу учрашувда фаоллар олий комиссардан қатор муаммолар бўйича, жумладан, хорижга қувғин қилинган фуқаролик жамияти ҳамда мухолифат фаолларининг Ўзбекистонга қайтишида ҳуқуқий ёрдам сўраган.
Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистондаги сиёсий фаол кишиларга қўйилган айблов ва судловлар, муҳими, 2005 йилда бўлган Андижон воқеалари бўйича мустақил текширув ўтказилишини таъминлашда ҳам БМТ Олий комиссаридан кўмак сўрашган.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён инсон ҳақлари бўйича 70 та халқаро ҳужжатни имзолаган, шу жумладан, БМТнинг 10 шартномасига қўшилган. Фаоллар собиқ президент Ислом Каримов даврида бу шартномаларнинг аксарияти бажарилмай келганини айтиб келадилар.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги шу йилнинг март ойида БМТ Инсон ҳақлари кенгашининг Женевада ўтган 34-сессиясида Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг қабул қилинган қарор ва қонунлар ижро қилинган тақдирда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятида ижобий ўзгариш қилишига умид билдирган эди.