Ўзбекистон олтин ишлаб чиқариш бўйича дунёда 10-ўринни эгаллайди, олтин захираси бўйича эса 9-ўринда. Бу ҳақда кун.уз нашри Навоий кон-металлургия комбинати директорининг иқтисод бўйича ўринбосари Нурмат Жўлибековнинг айтганларига таяниб хабар қилди.
12 май куни Тошкент шаҳридаги Миллий матбуот марказида Навоий кон-металлургия комбинати вакиллари ўтказган матбуот анжуманида комбинатда 2026 йилгача қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастурларининг амалга оширилиши, кўзда тутилган модернизация тадбирлари, истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Маълум бўлишича, Навоий кон-металлургия комбинатида қарийб 60 минг ишчи-хизматчи меҳнат қилади.
“Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2017-2026 йилларда комбинатни ривожлантириш дастурлари яқин 10 йилда тарихий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб берди. 2017-2026 йилларда 3 миллиард 63 миллион долларлик 27 лойиҳанинг амалга оширилиши комбинатда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириб, 31 мингга яқин янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади”, дейилган хабарда.