Ички ишлар идоралари Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш хизматининг ҳудудий идораларида ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг чет элдаги элчихона ва консуллик муассасаларида биометрик ҳужжат олиш учун электрон буюртма расмийлаштирилган жисмоний шахсга унинг электрон буюртмасининг ҳозирги ҳолатини кўрсатувчи интерфаол хизмат ишга туширилди.
Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, ушбу хизмат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан жорий қилинган бўлиб, интернет тармоғининг dpm.uz электрон саҳифаси орқали биометрик ҳужжатнинг тайёр бўлганлик даражаси ва электрон буюртманинг қандай босқичда экани ҳақидаги батафсил маълумотларни тақдим этишни ўз ичига олади.
Электрон буюртманинг ҳолати ҳақида интерфаол консультация хизматига сўров бериш, маълумотларни йиғиш пункти томонидан аризачига тақдим этиладиган 32 хонали рақам ва ҳарфларни кетма-кетлигидан ташкил топган буюртма рақамини тизимга киритиш йўли орқали амалга оширилади.
Тошкентдаги паспорт столларида навбатга туришнинг Оn-line тартиби йўлга қўйилгани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар қилган эди.