"Ўзбекистонда милиционерларнинг қонуний ишлаши, ҳибсларда қийноқ бўлмаслиги ва адвокатларнинг ҳуқуқлари таъминланиши учун фуқаролик жамияти фаол бўлиши ва муттасил жамоатчилик назоратини ўрнатиши лозим". Бу фикрни шу кунда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос, Tashabbus ҳуқуқий ёрдам лойиҳаси асосчиларидан бири Миракмал Ниёзматов Озодликка берган суҳбати чоғида билдирди.
Ниёзматов билан Ўзбекистон ИИВ структураларида тергов-суриштирув жараёнида келгуси йилдан бошланадиган ислоҳотларга оид Президент қарори муносабати билан суҳбатлашдик.
Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ички ишлар органларида видеокузатув, стенография ва аудиоёзув қурилмалари билан жиҳозланган сўроқ хоналари пайдо бўлади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 18 апрель куни имзолаган “Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
Ҳужжатда ИИВ Тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўртасида видеоконференция алоқа тизими ўрнатилиши ҳам кўзда тутилган.
Шу кунда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқшунос, Tashabbus.com ҳуқуқий ёрдам сайти асосчиларидан бири Миракмал Ниёзматов Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни "ижобий қадам" деб баҳолади.
Аммо, ҳуқуқшунос айнан ички ишлар тузилмасида ислоҳот қилиш, хусусан, кейинги йилдан ташкил қилинадиган махсус сўроқ хоналари иш бериши учун - бу жараёнга масъул барча томонларнинг ҳуқуқлари таъминланиши шарт, деб таъкидлади.
"Булардан энг асосийси - адвокатура. Адвокатура бу жараёндаги муаммони ичидан билади. Аммо, афсуски, улар бу борада ўз нуқтаи назарини билдираётгани йўқ. Ҳатто, Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг расмий сайти тузукроқ ишлаётгани йўқ. Фуқаролик жамияти ва ОАВ ҳам фаол бўлиши лозим", дейди Миракмал Ниёзматов.
Қуйида ҳуқуқшунос билан қурилган суҳбатни тинглашингиз мумкин:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бунга қадар Ўзбекистонда йиллар давомида адвокат бўлиб ишлаган, сўнгра лицензиясидан маҳрум қилингач, жамоатчи ҳимоячи бўлиб қолаётган Руҳиддин Комиловнинг бу борадаги нуқтаи-назарини ҳавола этган эдик.
У киши ҳам бундай ҳужжат қабул қилинишини ижобий қадам, деб баҳолайди. Аммо, мамлакатда ИИВ идораларидаги тергов жараёни ва буда ҳуқуқий ҳимоячилар фаолиятига қўйилган чекловларни тилга оларкан, Комилов, бу қарор ижросини таъминлашгача бажарилиши зарур, деб билган қатор ислоҳотларни таклиф қилган.
Ҳуқуқшуносга кўра, булар - куч ишлатар тузилмаларда ишлаётган кадрларнинг ўз ишига муносабатини тубдан ўзгартириш, тергов ва судловда ҳимоя томонининг қонуний ваколатларини таъминлаш ҳамда ҳукумат таркибига мухолиф кучларни киритишдир.