Москва ва Тошкент расмийлари Ўзбекистонда ҳайдовчилар ёлланаётганини инкор қилди

“Мосгортранс” ташкилоти Россия пойтахтида автобус ҳайдаш учун ўзбекистонлик ҳайдовчилар танлаб олинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида ҳам Озодликка бундай маълумот ҳақиқатдан йироқлигини билдиришди.

Москва шаҳар йўловчи траспорти бошқармаси саналган “Мосгортранс” Россия пойтахтида автобус ҳайдаш учун ўзбекистонлик ҳайдовчилар танлаб олинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Озодликка берган расмий маълумотномасида “Мосгортранс” ахборот сектори бошлиғи Алфия Бодямшина тузилма бу автобус ҳайдовчиларини ёллаш ҳақида бирор давлат билан ҳатто музокаралар олиб бормаганини маълум қилди.

- Биз бу маълумотни инкор этамиз. Биз бирор мамлакатдан ҳайдовчиларни тартибли равишда ёллаётганимиз йўқ. “Мосгортранс” бевосита ўзи ҳайдовчиларни доимий равишда ёллаб келади, ҳайдовчилар бизга керак. Аммо, нима сабабдан бу агентлик бундай маълумотни ўз саҳифасида эълон қилганини уларнинг ўзларидан сўраб кўрасиз, деди “Мосгортранс” расмийси Алфия Бодямшина.

“Мосгортранс” давлат унитар корхонаси бугунги кунда ширкат ҳайдовчиларининг 50 фоизини пойтахтликлар, яна 40 фоизга яқинини Россиянинг турли субъектларидан келган вакиллар ташкил этишини маълум қилди.

Ташкилот тарқатаётган маълумотга биноан, охирги уч йилда Россия пойтахтида москвалик ва Россиянинг бошқа минтақаларидан келган ҳайдовчилар сони купайиб бораётган бир пайтда, хорижлик шофёрлар сони икки баробардан кўпга қисқариб кетган – 23 фоиздан 10 фоизга.

Эслатиш жойизки, 2017 йилнинг 1 июлидан Россия Федерацияси ҳудудида йўловчи ташиш траспортига фақат Россияда берилган ҳайдовчилик гувоҳномасига эга шахслар қўйилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифасида Москвада автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлашни истаган ўзбекистонлик учун танлов эълон қилинганини билдирганди. Хабарга кўра, танловдан ўтган 1000 нафар ҳайдовчига 43 мингдан 60 минг рублгача маош ваъда қилинган.

Кўплаб оммавий ахборот воситалари, мессенжер ва Интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган бу хабарда номзоднинг ёши 18-50 оралиғида бўлиши, маълумоти – ўрта, Россияда олинган “Д” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномага эга бўлиши ва иш тажрибаси – “мутахассислиги бўйича аҳоли гавжум ҳудудда 1 йилдан кам бўлмаган бўлиши” лозим этиб кўрсатилган.

Озодлик Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига ишга ёллаш эълони масаласида мурожаат қилди.

Агенлик мулозими ташкилот номидан “ХОРИЖДА ИШЛАШНИ ИСТАЙСИЗМИ? ИШ БОР”сарлавҳаси остида Фейсбукда чиқарилган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва бу сайт агентликка тегишли эмаслигини маълум қилди.

- Набор ҳали бошланмаган: у ерда нотўғри маълумот берилган. Айрим нарса тўғри, айрими – нотўғри. Набор энди бошланади. Фейсбукдаги у саҳифа бизники эмас. У Фейсбук, бизда эса ўзимизнинг сайтимиз бор – migrant.mehnat.uz.

- Демак, бу саҳифа сизларнинг номингиздан бошқа бировлар очиб ўтирибди экан-да?

- Ҳа! Telegram-даги бот ҳам бизники эмас, хоҳлаган одам очволиши мумкин уни. Шунингдек, Kun.uz, Daryo.uz-да ҳам нотўғри маълумотлар кўрсатилган. Масалан, ҳозир Тошкентга агентликка келиб,“Д” категорияга паспорт нусхаси , гувоҳнома нусхаси ва тилхат ташлаб кетасиз. Отправка бошланиб қолса – чақирамиз.

- Штукатур, маляр, тикувчи, токарларни ёллаш ҳақидаги маълумот ҳам ёлғонми?

- Ҳа, бўлмаган гап, деди Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги вакили.

Суҳбатдош агентликда шунчаки у ёки бу мутахассисликка эга ўзбекистонликлар борасида маълумот йиғилаётганини билдирди.

Айни пайтда, Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлигига қарашли экани айтилган migration.uz ва migrant.mehnat.uz сайтлари ишламаётгани аниқланди. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги расмий сайтида ҳақиқатан ҳам бу масалага оид бирор маълумот йўқлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистондан Россияга бориб ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони турли манбаларда 2,5 миллиондан 5 миллионга қадар кўрсатилади.