Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида оммавий заҳарланишга сабаб бўлмиш музқаймоқ санитария меъёрларига риоя қилинмаган ҳолда тайёрланган ва сотилган. Бу ҳақда Газета.уз нашри Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматига таянган ҳолда хабар қилади.
Вазирлик вакиллари ҳозирда Шаҳрихон туманидаги эпидемик вазият қаттиқ назорат остига олингани ва барқарорлашганини урғулаганлар.
ФВВ маълумотларига кўра, 15 май куни Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Юқумли касалликлар шифохонасига қайт қилиш ва ич кетиш каби овқатдан заҳарланиш белгилари билан мурожаат қилган 212 кишидан 186 нафари даволаниш учун ётқизилган.
“Беморларга кўрсатилган барча зарур даволаш муолажалари самараси ўтган суткалар ичида, яъни 17 май соат 8.00 ҳолатига 153 нафар фуқаронинг ҳолати яхшиланиб, уйига жавоб берилган. Қолган 33 беморнинг ҳолати қониқарли, кундан-кунга яхшиланиб бормоқда”, дейилади Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кечаги хабарида.