Эрондаги сайловда Руҳоний ғолиб чиқди

Эрондаги президентлик сайловида мамлакатнинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳоний ғолиб чиқди. Мамлакат ички ишлар вазирлигига кўра, сайловда 41 миллиондан ортиқ сайловчи қатнашган. Шундан 23 ярим миллиондан ортиғи Руҳоний учун овоз берган. Унинг рақиби, Оятуллоҳ али Ҳуманаий ва уни атрофидаги консерваторлар дастакловчи 56 ёшли Иброҳим Раисий 15 миллиондан ортиқроқ овоз тўплаган.

Эронда давлат раҳбари лавозимига тўрт номзод даъвогарлик қилаётганди.

Улар орасида амалдаги президент Ҳасан Руҳоний ҳамда консерватор ва собиқ прокурор Иброҳим Раисий кўпроқ овоз олиши мумкин бўлган номзодлар сифатида қаралаётганди.​

Либерал қарашларга эга деб билинган Ҳасан Руҳоний 81 миллионлик аҳолига Ғарб билан ҳамкорликни давом эттириш ва ватандошларга янада кўпроқ эркинликлар беришни ваъда қилмоқда.

Унинг сайловдаги рақиби Иброҳим Раисий эса овоз беришда қонунбузарликка йўл қўйилганини иддао қилмоқда.

У Руҳоний тарафдорларини сайлов участкаларида тарғибот ишларини олиб борганликда айблаган.

Сайлов участкаларида тарғибот мамлакат қонунчилигига зиддир.

Эрондаги сайловларда фаоллик 70 фоизни ташкил этган. Яъни сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг шунча фоизи овоз беришда қатнашган.

Сайловчилар фаоллиги юқори бўлгани сабаб ҳукумат овоз беришни беш соатга узайтирди.

Эрон ички ишлар вазирлигига кўра, сайловда 41 миллиондан ортиқ одам қатнашган.

Эронда президент ижроя ҳокимият раҳбари ҳисобланади. Лекин, асосий иқтидор Эрон олий руҳонийси қўлида. У мамлакат қуролли кучлари, суд тизими, давлат телевидениеси ва ҳукуматнинг муҳим идораларини назорат қилади.

Эрон олий руҳонийси мамлакат ташқи сиёсатини ҳам белгилаб беради.