Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Риёд шаҳрида Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан учрашди.
Расмий хабарда айтилишича, томонлар ўзаро ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кучайтириш йўлларини муҳокама қилган.
Президенти матбуот хизматига кўра, учрашувда ИТБнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишдаги иштироки юзасидан фикр алмашилган ва ўзаро Англашув меморандуми имзоланган.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, Шавкат Мирзиёев 20 май куни Туркманистонга сафарини тамомлагач, Саудия Арабистонига сафарини бошлаган.
У 50дан ортиқ давлат, асосан, мусулмон мамлакатлар раҳбарлари ва АҚШ президенти иштирокида ўтадиган саммитда иштирок этмоқда.
Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши айтилди. Жумладан, Саудия қироли билан музокараларда ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилиши кутилмоқда.