АҚШ Марказий Разведка Бюросининг собиқ директори Жон Бреннан 23 май куни Вашингтонда Вакиллар палатасининг Разведка масалалари бўйича қўмитасида кўргазма бермоқда. МРБнинг собиқ директори Жон Бреннанга кўра, у ўтган йил ёзида Россиянинг асосий хавфсизлик идораси раҳбари билан тўғридан-тўғри гаплашиб, АҚШ дипломатлари таъқиб қилинаётгани ва Россиянинг президент сайлови кампаниясига аралашишга очиқдан-очиқ уринаётганидан шикоят қилган.
Бреннан Конгресс Вакиллар палатасининг Разведка масалалари бўйича қўмитасига маълум қилишича, у Россиянинг Федерал хафсизлик хизмати (ФСБ) директори Александр Бортников билан 4 август куни, яъни АҚШда президент савлови кампанияси тобора қизиб бораётган пайтда суҳбатлашган.
У Вакиллар палатасининг Разведка масалалари бўйича қўмитасига 23 май куни берган кўргазмасида Бортниковга Россиянинг сайловолди кампаниясига давомли аралашуви номақбул оқибатларга олиб келиши ҳамда Москва билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар илишига тўсқинлик қилиши ҳақида айтганини гапириб берди.
Бреннанга кўра, Бортников ушбу масалани президент Владимир Путин билан муҳокама қилишини айтган.
– Мен АҚШнинг руслар олдига ушбу масалани қўйган биринчи расмий кишиси бўламан, – деди у қўмита олдида.
Кремль АҚШнинг иддаоларини қайта-қайта рад этиб келади.
Бреннаннинг фикрлари Россиянинг сайлов жараёнига тахмин қилинаётган аралашувига оид тергов миқёси ва суръати ошиб бораётганини кўрсатади, чунки айни пайтда президент Трампнинг ёрдамчилари билан Россия амалдорлари ўртасидаги алоқаларни Конгресс ҳам, ФТБ ҳам тергов қилмоқда.
Жон Бреннан: “Ҳамма билиши керакки, Россия 2016 йилдаги президент сайлови кампаниямизга сурбетларча аралашди, улар кескин норозилигимиз ва бу ишни қилмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантиришимизга қарамай шу ишни қилганини ҳамма билиб қўйиши керак”, - деди.
Трамп январь ойида президентлик лавозимини эгаллагандан бери ушбу шу тахлит шубҳалар унинг маъмурияти обрўсига соя солиб келмоқда.
“Тергов қилиниши керак бўлган” тил бириктирув
Ҳар бир қадами кузатилаётган расмий шахслар орасида Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича илк маслаҳатчиси Майкл Флинн ҳам бор. У Оқ Уй раҳбарларига Россия расмий шахслари, жумладан, ушбу мамлакат элчиси Сергей Кисляк билан алоқалари мазмуни тўғрисида нотўғри маълумот бергани учун февраль ойида ишдан бўшатилган эди.
Жорий ойнинг бошида Трамп ФТБ директори Жеймс Комини қўққисдан ишдан бўшатиб юборди ва бу Вашингтонда сиёсий жанжалга сабаб бўлди. Кейинроқ “Нью-Йорк Таймс” газетасининг хабар қилишича, Трамп Комига Флиннинг иши бўйича терговни тўхтатиш борасида босим ўтказган.
Ушбу ҳол, Оқ Уй давом этаётган жиноят терговига тўсқинлик қилиши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлди. Пировардида Адлия вазирлиги ФТБнинг Трамп маъмурияти билан боғлиқ иш тергов қилинишини назорат этиш учун махсус прокурор тайинлашга мажбур бўлди.
Январь ойида МРБ директорлигидан истеъфога чиққан Бреннандан 23 май куни Вакиллар палатасидаги тинглов чоғида Трамп ёрдамчилари билан Россия амалдорлари ўртасидаги тил бириктирув ёки мувофиқлаштиришга оид разведка маълумотларини кўрган-кўрмагани қайта-қайта сўралди.
Трей Гоуди, республикачи, Конгресс Вакиллар палатасининг Назорат қўмитаси аъзоси:
“Сиз ўрганган 2016 йилги воқеалар пайтида Трамп компанияси билан Россия давлат арбоблари ўртасида тил бириктириш, мувофиқлаштириш, конспирация – зимдан иш кўриш ҳолатларининг исботи борми?”
Бреннан, ҳа, деб жавоб берди.
Айни чоқда Флинн Сенат Разведка масалалари бўйича қўмитасининг кўргазма бериш тўғрисидаги буйруғини бажаришдан бош тортди. Ушбу қўмита Россиянинг Трамп ёрдамчилари билан алоқаларини тергов қилиш ташаббуси билан чиққан эди.
Сенат қўмитасидаги ҳам республикачи, ҳам демократ раҳбарларнинг 23 май куни эълон қилишича, улар бу йўлдан қайтмайди ва Флиннга тегишли иккита корхонага тегишли ҳужжатларини тақдим этиш бўйича талабнома юборган.
Республикачи Ричард Бурр, агар Флинн қўмитанинг талабини менсимай юраверадиган бўлса, Конграссга ҳурматсизлиги учун ҳибсга олиниши мумкин.