Президент Шавкат Мирзиёев 25 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг IV мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган Туркия бош вазири ўринбосари Йилдирим Туғрул Туркешни қабул қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.
Учрашувда Ўзбекистонда тўқимачилик, чарм, кимё ва фармацевтика соҳалари, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва бошқа йўналишларда, жумладан, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси доирасида юқори технологияли замонавий корхоналарни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун Туркиянинг етакчи компаниялари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани айтилмоқда.
Шунингдек, қабул чоғида туризм соҳасида ўзаро ҳамкорлик, хусусан, замонавий сайёҳлик объектлари инфратузилмасини ривожлантириш, биргаликда сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этиш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланган.
Учрашув қатнашчилари Тошкентда Ўзбекистон ва Туркия ширкат ва корхоналари иштирокида бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлиси ва Инвестиция форуми натижалари, ўзаро шерикликнинг истиқболли йўналишлари ва қарийб 2 миллиард долларлик ҳамкорлик лойиҳалари белгиланганини мамнуният билан қайд этганлар.