GM Uzbekistan 31 майга қадар шартнома тузиш ва автомобил тарқатишни тўхтатди

GM Uzbekistan 29 майдан 31 майга қадар шартномаларни тузиш ва автомобилларни тарқатишни вақтинча тўхтатди.

Бу ҳақда компания ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида эълон қилди.

«Ҳурматли истеъмолчилар! „ЖМ Ўзбекистон“ АЖ томонидан қолдиқ автомобиллар инвентаризациядан ўтказилиши муносабати билан 29−31 май кунлари янги шартномаларни тузиш ва автомобилларни тарқатиш вақтинча тўхтатилади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, инвентаризация ишлари якунланганидан сўнг тўлов амалга оширилган шартномалар бўйича автомобиллар шартномада кўрсатилган нархларда тақдим этилади. Харидор олдиндан тўловнинг белгиланган энг кам қийматини (85%) ёки шартномада кўрсатилган автомобиль нархини тўлиқ ҳажмда тўлаган тақдирда автомобиль учун тўлов амалга оширилган деб ҳисобланади.